понедельник, 17 июня 2013 г.

ШИМОЛИЙ БАҚТРИЯНИНГ КУШОН ДАВРИ МАДАНИЯТИ


        Шаҳарсозлик. Илк бор Бақтрияда шаклланган Кушон подшолиги  даврида Шимолий Ҳиндистон ва Бақтрия ижтимоий-иқтисодий тараққиётда юксалишга эришган. Сурхондарё вилоятининг ўзидагина мавжуд 150 дан ортиқ Кушон даврига оид шаҳар, қишлоқ, қалъа ва диний иншоотлар бу даврда юз берган иқтисодий ва маданий тараққиётдан далолат беради. Бу даврда Шимолий Бақтрияда икки йирик марказ шаклланади. Бири Окс (Амударё)нинг ўнг қирғоғидаги Тармита (Термиз) бўлса, иккинчи марказ Чағонруд (Сурхондарё)нинг ўрта оқимидаги Далварзинтепа ўрнида мавжуд бўлган.
Г. А. Пугаченкова фикрига кўра, хитой манбасида тилга олинган кушонларнинг илк маркази Ходзо Далварзинтепа шаҳрига тўғри келади. Бу каби пойтахт шаҳарлар билан бир қаторда ҳар бир воҳа ўз марказига эга бўлган. Шеробод воҳасидаги Жондавлаттепа, Ангордаги Зартепа, Жарқўрғондаги Ҳайитободтепалар булар жумласидандир. Кушон даври шаҳарлари асосан икки қисмдан, яъни юқори ва қуйи шаҳарлардан иборат бўлиб, шаҳар атрофида буддавийлик, зардуштийлик динлари билан боғлиқ ибодатхоналар ва шаҳарликлар дафинаси каби иншоотлар жойлашган.
Кушон подшолиги Шимолий Бақгриянинг қадимги давр шаҳар маданиятининг равнақ топган давридир. Тадқиқотлар натижаларига кўра, Кушон подшолиги даврида Шимолий Бақтрияда ҳар 8 -10 қишлоққа  1 шаҳар тўғри келади. Бу давр шаҳарларининг ички тузилиши Эски Термиз, Далварзинтепа, Зартепа каби ёдгорликларда ўтказилган қазишмалар орқали маълум. Зартепа (Ангор тумани) томонлари 400 метрга тенг бўлиб ягона лойиҳа асосида қурилган. Шаҳар мустаҳкам ташқи девор билан ўраб олинган бўлиб, унда ҳар бири 34 метр оралиқ масофада жойлашган ярим айлана шаклидаги камончиларга мўлжалланган буржлар жойлашган. Шаҳарнинг тўрт дарвозасига туташ марказий йўллар шаҳарликлар хонадонлари ва ундаги мавжуд иморатларни бир-бири билан боғлаб турган.
Шаҳар майдонида қазиб ўрганилган иншоотлар унинг сўнгги, яъни милодий IV-V аср бошларига оид ҳаётини ифода этади. Зартепанинт марказида 12 устунли маҳобатли залдан иборат маъмурий бино ва унга туташ иморатлар мавжуд бўлган. Шаҳарнинт жануби-шарқий қисмидаги кўчанинг ҳар икки томонида шаҳар зодагонларининг маҳаллалари жойлашган. Ҳар бир шаҳарлик хонадони 16-20 гача турли ҳажмдаги яшаш ва хўжалик билан боғлиқ хоналардан иборат бўлиб, ўз навбатида бу хонадонлар бир-биридан йўлакчалар билан ажратиб қурилган. Шаҳарликлар ибодатхонаси (Қатламатепа- юқори қисми гумбаз шаклидаги ступа) Зартепанинг шарқий томонида жойлашган.
Шўрчи туманидаги Далварзинтепанинг аркида ҳокимлар саройи жойлашган, арк асосий шаҳардан йўлакли мустаҳкам мудофаа истеҳкомлари билан ўраб олинган. Далварзинтепадаги ҳар бир хонадон унинг соҳибининг мавқеига қараб қурилган, марказий кўча бўйлаб ва унга туташ қисмларда зодагонлар хонадонлари мавжуд. Бу хонадонлар деворий рангтасвир, ҳайкаллар ва ўйма ганчлар билан  безалган. Шаҳар аркига яқин жойда кулол усталар хонадони ва сопол идишлар пиширадиган хумдонлар қурилган. Шаҳар кўчаларининг чорраҳасида маҳобатли будда ҳайкаллари билан безалган ибодатхона мавжуд бўлган. Далварзинтепа буддавийлик ибодатхонасининг бундай услубда жойлашиши орқали бу диннинг Бактрия шаҳарларига қай йўсинда тарқала бошлаганлигини кузатиш мумкин. Дунё динларидан бири ҳисобланган буддавийлик Бақтрия ерларига Гандҳарадан (Шимоли-Ғарбий Ҳиндистон, ҳозирги Покистон ҳудуди) Нагахара вилояти ва Ҳиндиқуш тоғлари оша тарқалган. Буддавийлик дини билан боғлиқ иншоотлар Кушон шаҳарларининг муҳим бир қисми бўлиб, диний марказлар вазифасини ўтаган. Тармитада бу турдаги иншоотлар асосан шаҳар ташқарисида мавжуд бўлиб, нафақат шаҳарликлар, балки унинг атрофидаги қишлоқ аҳли учун ҳам хизмат қилган. Умумий Майдони 7 гектардан иборат Қоратепа ўрнидаги буддавийлик ибодатхоналари мажмуи ернинг остки ва устки қисмида жойлашган бинолардан, жумладаи, айвонли ҳовли, равоқсимон услубдаги коҳинлар ҳужраси, айланма йўлакли саждагоҳ каби иишоотлардан иборат. Баъзи бир ҳовлиларда буддавийлик динининг муқаддас иншооти-ступа мавжуд. Қоратепа Тармитанинг марказий ибодатхонаси сифатида II-IV асрларда мунтазам равишда фаолият кўрсатган. Қоратепа яқинидаги Фаёзтепа ернинг устки қисмида бунёд этилган яна бир буддавийлик иншооти ҳисобланади.
Қишлоқ жамоаси.  Кушон подшолиги даврида шаҳарлар атрофи ва воҳанинг аксарият жойларида кўплаб қишлоқларга асос солинган.  Ш.Пидаевнинг таъкидлашича, бу қишлоқларнинг умумий майдони 0,5 гектардан 5 гектаргача бўлган. Вилоят ҳудудида Кушон давлати ҳукмронлиги даврига мансуб 130 дан ортиқ ёдгорликларнинг 80 га яқинини қишлоқлар ташкил этади. Бу маълумотларга таяниб, шуни таъкидлаш мумкинки, кушонлар жамиятида асосий гуруҳлардан бири эркин жамоа вакилларидан таркиб топган қишлоқ жамоаси ҳисобланган. Шу боисдан баъзи бир археолог тарихчиларнинг (М. Массон, В. Массон, Г. Кошеленко) Кушон подшолигини қулчилик ёки қулдорлик давлатлари деб аташи мутлақо асоссиздир.
Бу давр қишлоқларининг ички тузилиши Мирзақултепа (Термиз тумани), Шўртепа (Ангор тумани) ва Оққўрғон (Шеробод тумани) ёдгорликлари орқали маълум. Мирзақултепа, Шўртепа каби қишлоқлар лойиҳа асосид қурилган бўлиб, шаҳар сингари аниқ қурилиш хусусиятига эга.
Қишлоқ ва шаҳарлар ўртасида жуда яқин алоқа мавжуд бўлган. Бу жараён Кушон даври қишлоқларидан топилган танга пуллар, шаҳарлик кулол усталар ясаган сифатли сопол идишлар ва бошқа моддий маданият турларида кузатилади. Жумладан, Оққўргон қишлоғини ўрганиш давомида 150 дан ортиқ танга пул учраган. Окс дарёси бўйида жойлашган Хўжа Гулсувар сангтарошлар қишлоғи бўлиб, атрофда мавжуд оҳак гилтошни Тармита ва унинг атрофидаги бунёд этилаётган меъморчилик иншоотлари қурилишига тайёрлаб берган. Мирзақултепа ва Оққўрғон каби қишлоқлар шаҳарларни доимий равишда дон ва бошқа маҳсулотлар билан таъминлаб турган. Қишлоқ жамоаси ижтимоий ҳаётида оқсоқоллар катта нуфузга эга бўлганлар. Суғориш иншоотларини тартибга солиш, давлат миқёсидаги солиқлар тўплаш ва бошқа ишлар бевосита жамоа оқсоқоли бошчилигида амалга оширилган. Қишлоқ аҳолиси орасида маҳаллий маъбуд ва маъбудаларга топиниш кенг тарқалган.
Савдо ва маданий алоқалар. Кушон подшолиги ҳукмронлигининг илк босқичидаёқ кўҳна дунё малакатлари ва халқлари тарихида муҳим аҳамият касб этган қитъалараро савдо йўли "Буюк ипак йўли" тўлиқ шаклланган.
Бу даврда Сурхондарёда ҳам асосий савдо йўли ва унинг кўплаб шаҳобчалари бетиним фаолият кўрсатган. Балхдан шимолга қараб йўл олган карвон  Амударёдаги кечув жойлари орқали Тармитага кириб келган. Ундан сўнг карвонлар Ангор, Шеробод воҳалари ва Шерободдарё ҳавзаси ёқалаб "Темир дарвоза"га йўл олган. Вилоятда Кушон подшолиги даврида мавжуд савдо йўлининг яна бир бўғини шимолда Чағониён -"Темир дарвоза" йўналиши ҳисобланган.
Кушонлар ҳукмронлиги даврида воҳа аҳолиси Сўғд, Хоразм ва Парфия билан бир қаторда Хитой, Шимолий Ҳиндистон ва Ўрта Ер денгизи мамлакатлари билан яқин савдо алоқаларини олиб борганлар. Рим билан бўлган савдо алоқаларидан Хайрабодтепадан топилган Рим императори Нерон тангаси, Шаҳриғулғуладан топилган мармардан ясалган масхарабоз ниқоби, шиша идишлар далолат берса, буддавийлик дини ва у билан боғлиқ санъатнинг Шимолий Бақтрия ерларида пайдо бўлиши Ҳиндистон билан амалга оширилган алоқалар туфайли содир бўлган.
      Бадиий санъат ва моддий маданият. Кушон подшолиги ҳукмронлиги даврида ўзининг такрорланмас санъат намуналарига ва қурилиш услубига эга Бақтрия бадиий мактаби шаклланди. Бу бадиий мактабнинг шаклланишида Кушон даврида воҳада истиқомат қилган аҳолининг ўзига хос ўрни бор. Холчаён, Далварзинтепа, Айритом, Эски Термиз ва унинг атрофидаги ёдгорликлардан топилган ҳайкалтарошлик, деворий рангтасвир, тоштарошлик ва заргарлик намуналари бунга мисол бўла олади. 
Холчаён ҳайкаллари тадқиқотчилар томонидан "сулолавий санъат" деб, номланган Кушон давр ҳайкалтарошлик санъатининг илк намунасидир. Бу жойдаги саройнинг айвон қисми ва залларида жойлашган ҳайкалларнинг асосий қисмида, Г.А.Пугаченкова фикрича Кушон подшолигига асос солган Гуйшуан-Кушон, қабила бошлиғи Герай ва унинг хонадони вакилларининг қиёфалари тасвирланган.
Кушон даврига хос бадиий санъатдаги бу йўналиш ҳукмдорлар сиймолари, сарой аъёнлари ҳайкалларидан иборат Далварзинтепа санъати орқали давом эттирилган. Оқ тошга ўйиб ишланган Айримтом пиромони, жумладан, арфа, уд ва ноғора каби мусиқа асбобларини ижро этаётган ҳайкаллар, Қоратепа ва Фаёзтепа топилмалари каби буддавийлик йўналиши билан боғлиқ.
Мўъжаз санъат намуналари ҳам маҳобатли санъат турлари каби диний ва дунёвий йўналишларда яратилган. Булар будданинг чордона қуриб ўтирган ҳолатдаги тасвирлари (Оққўрғон, Ҳайитободтепа), Бақтрия маъбуданинг тахтга ўтирган ҳолатлари (Туманқўргон, Далварзинтепа), чавандозлар ёки мусиқа асбобларини моҳирона ижро этаётган аёллар тасвир (Далварзинтепа ва ҳ.к.) ларидир. Айниқса, Эски Термиз, Далварзинтепа, Зартепа сингари шаҳарларда, Мирзақултепа, Шўртепа ва Оққўрғон каби қишлоқлардан топилган терракот ҳайкалчаларда ўлканинг бой ҳайвонот дунёси тасвирлари ўз аксини топган.
Бу даврда фил суягидан ҳам хилма-хил буюмлар ишланган. Булар тепа қисмида панжа ва мушт шакллари ўйиб ишланган бигизлар, шоҳмот доналари сингарилардир. Айритом ва Далварзинтепадан топилган милодий  I-II асрларга мансуб шоҳмот доналари бу қадимий ўйиннинг пайдо бўлишини қарийб икки асрга қадимийлаштирди. Далварзинтепа олтин буюмлар хазинаси (билакузуглар; санскрит алифбосида ёзувлар битилган қуйма ёмбилар) заргарлик тараққиётидан нишонадир.
Кушон даври ҳунармандчиликнинг оммавий турларидан бири кулолчиликнинг ҳам юксак тараққий этган давридир. Кушонлар ҳукмронлигида Шимолий Бақгрия аҳолиси маданий ҳаётнинг барча жабҳасида юксакликка эришадилар. Бу ютуқлар илк ўрта асрларда Шимоли-Ғарбий Тоҳаристон маданиятининг шаклланишида асосий омил бўлиб хизмат қилган.



Комментариев нет:

Отправить комментарий