понедельник, 17 июня 2013 г.

Сурхондарё Кушон подшолиги даврида

Милодий 1-1V асрларда ҳукмронлик қилган Кушон подшолиги нафақат Сурхондарё тарихида, балки бутун Марказий Осиё халқларининг иқтисодий ва маданий тараққиётида муҳим рол ўйнаган давлатлардан бири саналади.

Кушон подшолигига асос солган қабилалар хитой манбаларида  юечжи  деб аталган. Мил. авв. 172-161 йилларда Марказий Осиёнинг шимолий вилоятларида истиқомат этган юечжи қабиласи усун уруғи билан тўқнаш келиб, улардан қаттиқ зарбага учрайди. Бу тўқнашув оқибатида юечжи (тохарлар) икки гуруҳга бўлиниб кетади, қабилалардан бир гуруҳи Шарқий Туркистон томон кетса, иккинчи кўпчилик бир гуруҳи жануб томон йўл олади.  Бу гуруҳ манбаларда Буюк юечжи деб номланган. Юечжи (тоҳар)лар мил. авв. II асрнинг иккинчи ярмида ички тўқнашувлар туфайли заифлашиб қолган Юнон-Бақтрия подшолигини ҳукмронлигига барҳам берганлар. Бу воқеа милоддан аввалги 140-130 йиллар юз берган. Хитойлик сайёҳ Чжан Цян ёзиб қолдирган маълумотларда " хуннлардан зарбага учраган юечжилар жануб томон юриб Дахя (Бақтрия)ни эгалладилар ва ўзларининг қароргоҳини Гуйшуй (Амударё)дан шимолий томонда қурдилар" деб таъкидланган. Чжан Цян бу вилоятда мил. авв. 128 -126 йиллар оралиғида бўлган.
Бу даврда Бақтрия юечжи(тоҳар)лар томонидан батамом бўйсундирилиб, улар 5 та катта уруғга бўлиниб яшаганлар. Манбаларда бу уруғларнинг номи Хюми, Шуанми, Гуйшуан, Хэйтун, Гаофу деб кўрсатилса, бошқа бир манбада - Хюми, Шуанми, Гуйшуан, Хисие ва Думи деб номланган. “Хоуханшу”да таъкидланишича, орадан бир қанча вақт ўтгандан сунг, гуйшуан(кушон) ябғуси Кужула Кадфиз қолган тўрт уруғни бирлаштириб, Кушон подшолигига асос солади.
Кушон давлатининг асосий ўзагини Бақтрия ерлари ташкил этган. Бу подшоликнинг йирик вакили Канишка I ҳукмронлиги даврида Кушон давлати таркибига Шимолий Ҳиндистон ва Қашғар- Хўтан ерлари ҳам қўшиб олинган. Бу давлатнинг шимолий чегараси Жанубий Ҳисор тизмасига кирган Бойсун ва Кўҳитанг тоғлари ҳисобланган. Кушон подшолари ўз давлатининг шимолий чегараларини мустаҳқамлаш борасида ҳам тинимсиз фаолият кўрсатганлар. Бойсунтоғ ва Кўҳитанг тоғларидаги Сўғд ва Бақтрия ўлкаларини боғлаб турган савдо йўлларида бу давлатнинг илк шаклланиш давридаёқ чегара деворлари ва божхоналар бунёд этилган. Сина қишлоғидаги 5 километрли тош девор, Саримос ва Сувсизтоғ қоялари оралиғидаги 1,5 километрга тенг Дарбанд чегара истеҳкоми ва Тангидарадаги деворлар шулар жумласидандир.

Канишка ҳукмронлиги даврида Кушон подшолиги кўҳна дунёнинг йирик давлатлари Хан Хитойи, Парфия ва Римлар билан бир қаторда турган империя тусини олган.


Комментариев нет:

Отправить комментарий