пятница, 12 июля 2013 г.

Бақтриянинг Кучук I даври ёдгорликлари, жойлашиши ва типологияси.



Кучук I даври ёдгорликлари кичик сув ўзанлари бўйларида, дарёларнинг паст текисликларга оқиб ўтадиган ҳудудларида бунёд этилган ва умумий майдонининг кичиклиги билан характерланади. Ўрта Осиё ҳалқлари тарихида илк маротаба мудофаа деворлари билан ўралган, баланд платформалар устида бунёд этилган арклар шу даврда пайдо бўлади.

          Кучук I даврига оид айрим ёдгорликларда учта қурилиш даври кузатилган бўлса (Кучуктепа), айрим ёдгорликларда фақат бир қурилиш даври ёки хўжалик ўраларида шу давр ашёлари кузатилган (Жарқўтон). Кучук I даври ёдгорликларида маданий қатламнинг қалинлиги 1,2-3,6 метрларни ташкил этади1.
Шимолий Бақтрия ҳудудида учта суғорилиш районида Кучук I даври ёдгорликлари аниқланган. Шеробод деҳқончилик ўлкасининг Уланбулоқсой бўйида Кучуктепа, Бўстонсой ўзанида Жарқўтон, Шеробод дарёси бўйида Жондавлаттепа жойлашган.
Бойсун деҳқончилик ўлкасининг Бандихонсой этакларида Бандихон I, Fозимулла ёдгорликлари, Миршоди бўйларида Миршоди ёдгорлиги ва Қизилтепа ёдгорликлари мажмуаси жойлашган.
Ёдгорликларнинг деҳқончилик воҳалари бўйлаб жойлашиши кўрсатадики, Кучук I даврида жамоа аслзодалари ерларни (суғорилиш районларини) ҳудудий бўлиб олишга эришган. Кучук I даври ёдгорликлари типологияси ва уларнинг деҳқончилик воҳалари бўйлаб жойлашиши шу даврда кичик ҳудудий давлатларнинг шаклланиш жараёнини кўрсатади. Ўрта Осиё археологиясида шу даврда илк маротаба аркли ёдгорликлар шаклланган ва улар эгаллаб турган ҳудудларда сиёсий, иқтисодий ва маданий марказ вазифасини бажарган.
Кучук I даври ёдгорликлари ва уларнинг воҳалар бўйлаб жойлашиши.
Деҳқончилик воҳалари
Воҳа маркази
Воҳа ҳудуди
Бошқа ёдгорликлар
Шеробод
Жондавлаттепа ?
Уланбулоқсой, Бўстонсой, Шерободдарё ўзанлари
Кучуктепа, Жарқўтон
Бандихон
Бандихон I
Бандихонсой ўзанлари ва яйловлари
Fозимулла
Миршоди
Қизилтепа
Қизилсув ўзанлари ва яйловлари
Қизилча VI, Бўйрачи 2



Қадимги Бақтрия маданияти ёдгорликлари типологияси ва жойлашиши.
Қадимги Бақтрия маданияти ёдгорликлари Бақтриянинг қуйидаги ўн бир деҳқончилик воҳасида жойлашган:
1. Шеробод деҳқончилик воҳаси. Уланбулоқсой, Бўстон, Шерободдарё ҳудудларини эгаллаган. Маркази Жондавлаттепа. Бундан ташқари Пшактепа, Кучуктепа, Талашқонтепа I каби ёдгорликлар жойлашган.
2. Бойсун деҳқончилик воҳаси. Бандихонсой, Миршоди (Қизилсув) ҳудудларини бирлаштирган. Маркази Қизилтепа ёдгорлиги. Қизилтепа атрофидаги ёдгорликлар мажмуаси, Бандихон ёдгорликлари гуруҳи.
3. Сурхон деҳқончилик воҳаси. Сурхондарёнинг ўрта ва қуйи ҳавзалари ҳудудларини ўз ичига олган. Бу ерда Хаитободтепа воҳанинг маркази вазифасини бажарган. Бандихонсойтепа, Номсизтепа (Термиз шаҳри) каби ёдгорликлар жойлашган.
4. Кафирнигон деҳқончилик воҳаси. Бу ерда Калаи-Мир ёдгорлиги ва Нахри-калон канали жойлашган. Ўлканинг маркази Калаи-Мир ёдгорлиги.
5. Вахш деҳқончилик воҳаси. Яван-су (Томошотепа, Шўраисой), Вахш (Болдай тепа, Болдай канал) ҳавзалари ҳудудларини ўз ичига олган.
6. Панж деҳқончилик воҳасида Байдудашт ёдгорликлари жойлашган. Воҳанинг маркази Байтудашт IV ёдгорлиги ҳисобланади.
7. Қизил-су деҳқончилик воҳасида Макони-мор ёдгорлиги жойлашган.
Жанубий Бақтрия ҳудудида шу давр ёдгорликлари тўртта деҳқончилик воҳасида жойлашган бўлиб, булар Даштли, Фарухобод, Олтин-Дилёр ва Наибобод воҳаларидир.
Ҳар бир деҳқончилик воҳа Қадимги Бақтрия подшоҳлиги таркибидаги кичик сиёсий ҳудуд бўлиб ҳисобланган. Бу фикрга келишимизга сабаб, ҳар бир деҳқончилик ўлка бош шаҳар ёдгорлигига ва шу шаҳар атрофида уюшган қишлоқ типидаги ёдгорликларнинг жамланганлигидир.
Қадимги Бақтрия маданияти ёдгорликлари қуйидаги типларга ажралади:
1. Шаҳарлар. Улар ҳар бир деҳқончилик ўлкасида биттадан жойлашган бўлиб, икки қисмдан (арк ва шаҳар) иборат. Умумий майдони 22 гектаргача боради. Арк ҳам, шаҳар қисм ҳам юқори ривожланган мудофаа деворлари билан муҳофаза қилинган. Мудофаа деворлар 5-8 метр қалинликда бўлиб, Хаитободтепада мудофаа девор платформа устида қурилганлиги кузатилган. Ҳамма мудофаа деворлар буржлар билан мустаҳкамланган. Худди шу даврда
Бақтрияда мудофаа деворлар ва буржларга шинаклар ўрнатиш бошланган. Шинаклар узунчоқ, тўғритўртбурчак шаклда ясалган.
2. Қишлоқлар. Тарқоқ ҳолда жойлашган тепаликлар мажмуасидан иборат бўлган ёдгорликлар (Бандихон II ёдгорлиги атрофида жойлашган ёдгорликлар мажмуаси).
3. Ҳарбий истеҳкомлар. Улар доира ва квадрат шаклида қурилган (Талашқонтепа I, Бандихон II). Қалъаларнинг ички қисми очиқ ҳовлидан иборат бўлиб, яшаш уйлари фақат мудофаа деворлари бўйлаб қурилганлиги кузатилган.
4. Уй-қўрғонлар. Шаҳарлар ва қишлоқлар атрофида жойлашган, кичик ёдгорликлар (Қизилча I, VI).
Қадимги Бақтрия маданияти даврида ҳарбий ишлар ва ҳарбий қурилишларга алоҳида эътибор берилган. Шаҳарлар ривожланган фортификация ёрдамида мудофаа қилинган бўлса, алоҳида мудофаа истеҳкомлари – қалъалар шаклланади (Талашқонтепа I). Ҳарбий ишлар соҳасида фортификацияга алоҳида эътибор берилади. Бу даврга келиб баланд платформа устига уй қурилишига барҳам берилган бўлса-да, Кучук I даврида қурилган шундай иншоотлардан фойдаланиб келинади ва улар ҳам қўшимча мудофаа деворлари билан ўралади (Кучуктепа), Олтиндилёр ёдгорлиги кенг ҳудудни мудофаа қилишга мўлжалланган мудофаа иншоотига эга бўлиб, бир неча қатор мудофаа деворига эга, деворлар ярим айлана шаклидаги бурчлар билан мустаҳкамланган.
Шаҳарлар мудофаа деворлари билан ўраб олиниши билан бирга чуқур ва кенг ҳандакларнинг ҳам қазилганлигининг гувоҳи бўламиз (Хаитободтепа, Қизилтепа). Мудофаа иншоотларининг такомиллашуви жанг қуролларининг ўсиши билан мутаносиб ривожланган. Қадимги Бақтрия маданияти даврида уч қиррали пайконлар кашф этилган. Т. Сулимирскийнинг ёзишича улар Олд Осиёда VII асрда, Мисрда VI-V асрларда, Грецияда V асрда пайдо бўлса, Эроннинг илк темир даврига оид 8 та ёдгорликда уч қиррали пайкон топилган. Ушбу таққослашдан кўринадики, ҳарбий билимларнинг ривожини кўрсатувчи ушбу топилма Бақтрияда ҳам қадимги маданият марказлари билан бир вақтда пайдо бўлган.

Сунъий суғоришга асосланган деҳқончилик ҳам Қадимги Бақтрия маданияти даврида ривожланган. Бандихондаги Бандихон канали, Вахшдаги Болдай канали, Кофирниғондаги Нахри-калон каналлари фикримиз далилидир.

Комментариев нет:

Отправить комментарий